У БЕРЛИНДАН ҒАЛАБА БИЛАН ҚАЙТГАН ЭДИ…

Administrator/ Май 3, 2019/ Хотира/ 0 comments

Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига мана 74 йил тўляпти. 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунида, аввало, тинчлик учун курашган, жангоҳларда мардликни намоён этган юртдошларимиз номини эслаймиз. Кўплаб ўзбек ўғлонлари жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар, кўпчилиги эса урушдан омон-эсон қайтиб, эл-юртга астойдил хизмат қилишди. Афсуски, уруш азобларини елкалаб, тинч давр-у давронга етиб келган фахрийлар сафи ҳам йилдан-йилга камайиб бораётир. Бироқ, улар номи барҳаёт, жасорати мангу. Боболаримиз мардлиги, жасурлиги бугунги авлодлар учун намуна.

Ҳар йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан уруш ва фронт орти фахрийларини пойтахтга чорлаб, уларга эҳтиром кўрсатади. Байрам муносабати билан кексаларимиз муносиб тақдирланади. Ана шундай дамларда мен бобом Бобохон Ҳасановни эслайман. Уруш бошланганида мўйлаби эндигина сабза урган, юраги бир олам орзуларга тўла бўз йигит эди у.

Қўй боқиб, кетмон чопиб, деҳқончилик қилиб юрган, қуролдан ўқ отиш у ёқда турсин, лоақал қўлига милтиқ ҳам ушлаб кўрмаган оддий қишлоқ ўғлони учун уруш бир тушдай гап эди. Бобом 1941 йилдаёқ фронтга чақирилиб, атиги бир ойлик тайёргарликдан сўнг, барча аскарлар қатори шиддатли уруш ўчоғига кирган. Болтиқбўйи республикалари ҳамда Европанинг бир қанча давлатларини озод қилишда фаол иштирок этган.

— Мен бир томони Чоржўй, бир томони Тошҳовуз вилоятидан нарини кўрмаган эдим, аммо тўрт йил юриб, югуриб, эмаклаб Берлингача етиб бордик. Рейстаг гумбазига ғалаба байроғини ўрнатдик. Ниҳоят ўқ отиш, даҳшатли портлашлар тўхтади. Ғалабани қарши олган жангчиларнинг қувончини сўз билан таърифлаб бўлмайди. Кўз ёшлар, бир-бирини қучоқлаб қутлаётган, ўйинга тушаётган аскарлар, ҳайқириқлар… Уруш даҳшатларини аста-секин унутгандирман, аммо бу кунни асло унутмайман, — дерди бобом.

Шундай қилиб, ёш жангчи Бобохон Ҳасанов урушдан кейин яна бир йил Германияни тозалаш ишларида иштирок этди. Ниҳоят 1946 йилда қадрдон қишлоғига қайтиб келди. Ота-онадан эрта ажралганлари боис ака-укалари, сингиллари ҳар тарафга тарқаб кетишганди. Уларни излаб топди, уйли-жойли бўлишларига яқиндан кўмаклашди. Ўзи ҳам уйланди. Бирин-кетин фарзандлар дунёга келди. Б.Ҳасанов катта оилани ҳалол меҳнати орқасидан боқди, у жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишларди. У киши мазаси тилни ёрар Хоразм қовунларининг турли навларини етиштириб, мўл ҳосил оларди.

1986 йилда мен бобомга ҳамроҳ бўлиб, Термиз шаҳрида хизмат бурчини ўтаётган тоғамни кўришга боргандим. Биз ҳарбий қисм жойлашган худудга етиб келдик. Бир пайт ҳарбий горнизон олдида тўхтаган енгил машинадан битта рус генерали тушиб, бобомнинг олдига келди ва ҳарбийчасига ҳурмат кўрсатди. У кетгач, бобомдан у нега бунақа қилди, деб сўрадим. Бобом жилмайиб, кўксидаги орден ва медалларга ишора қилганди. Мен ана шунда бобом билан жуда фахрланиб кетдим.

Бир гал бобомдан «Урушда ярадор бўлмаганмисиз?» деб сўраганимда, у қизиқ воқеани сўзлаб берган. Қайсидир қишлоқда бўлиб ўтган аёвсиз жангда бобом ҳам яраланади. Қуршовни ёриб ўтишга тўғри келарди. Шунда ярадорларни шу ерда қолдириб, эртаси куни олиб кетишга қарор қиладилар. Бироқ, бобом қолишга кўнмай, қуршовни ёриб чиқишда иштирок этади. Эртаси куни келиб қарашса, барча ярадорларни немислар отиб кетишган экан.

1994 йилда бобомнинг тоби қочиб қолди, шунда 3-4 кун ёнида бўлдим. Кечалари алаҳсираб, урушда кўрган даҳшатларини эсларди. Мен шунда урушдан кейинги қарийб 50 йил давомида бу даҳшатлар унинг юрагини тарк этмаганини тушуниб етдим. Шу йили 8 декабрь куни у киши ҳаётдан кўз юмди.

Ҳар йили 9 май куни тоғам Рўзимбой Ҳасанов бобомнинг орден, медаллари қадалган камзулини эгнига ташлаб кўчага чиқади. У яшаб ўтган жойларга боқиб, чуқур ўйга толади. Билмадим, балки уловга бир халта қовун ортиб келаётган бобом билан хаёлан гаплашар… Менга эса бир нарса таскин беради, ҳеч қандай қаҳрамонликка даъвогар бўлмаса-да, оддий аскар Бобохон Ҳасанов Берлиндан ғалаба билан қайтган эди.

Ҳамиджон НУРУЛЛАЕВ,

Қулонқорабоғ қишлоғи.

Leave a Comment

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>
*
*