ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН НАФАС

Administrator/ Июнь 6, 2019/ Тадбир/ 0 comments

«Тонг нафаси» — бу «Боғот садоси» газетаси қошидаги «Қалдирғоч» ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг иккинчи китобидир. 23 май куни туман Ёшлар марказида мазкур тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таниқли адиб ва журналистлар, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар ҳамда «Боғот садоси» газетаси таҳририяти ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Шуҳрат Маткаримов, Рўзимбой Ҳасанов, Комилжон Худойбергановлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг истеъдодла-рини рўёбга чиқариш, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш борасида улкан имкониятлар яратилаётганини таъкидладилар ҳамда бу соҳада «Боғот садоси» газетаси таҳририяти томонидан амалга оширилаётган ибратли ишларга тўхталиб ўтишди. Шунингдек, ота-оналар сўз олиб, фарзандлари камолоти йўлида жон куйдираётган Президентимизга миннатдорчилик изҳор этишди. Ёш қаламкашлар томонидан ўқилган шеърлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.

«Бу тонг нафаси… Унда обод юртнинг чаманлари, боғу роғлари ифори бор… Унда яшаш ва юксалишга ундовчи чексиз илҳом гашти бор. Олдимизда эса кун… Шарофатли кунлар марварид доналаридай тизилиб, умр китобимизнинг олтин саҳифаларига айланади. Тонг нафаси ила йўғрилган китоб. Покиза туйғу ҳамда эзгу тилаклар билан бошланган умр…» деб ёзади «Боғот садоси» газетаси муҳаррири Шерзодхўжа Усмонхўжаев китобга кириш сўзида. Дарҳақиқат, тонг нафаси — бу соф нафас. Ёш қаламкашларнинг қалби ана шундай тоза.

«Тонг нафаси» тўпламидан Чарос Эгамберганова, Гули Нуруллаева, Шодия Исмоилова, Маржона Анёзова, Паризод Исмоилова, Рисолат Очилова, Сурайё Тўхтаева сингари ёшларнинг ижод намуналари ўрин олган, шунингдек, ундан менинг шеърларим ҳам жой эгаллаган. Мен барча ёш қаламкашлар сингари ижод сирларини пухта ўрганиб, Ватанимиз, бағрикенг халқимиз меҳрини қайноқ сатрларда тараннум этишни мақсад қилганман.

Рўзахон САФАРБОЕВА.

ТАҲРИРИЯТДАН: Жорий йилнинг 17-18 май кунлари Урганч шаҳрида ёш ижодкорлар республика семинарининг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Мазкур тадбирнинг очилиш маросимида ёшларнинг иқтидорларини рўёбга чиқаришдаги хизматлари учун вилоятдаги кўпгина ижодкорлар қатори таҳририятимиз қошидаги «Қалдирғоч» адабий тўгараги раҳбари Муборак Бекжонова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг «Эҳтиром ёрлиғи» билан тақдирланди. Бу тўгарак фаолиятига берилган муносиб эътибор ҳамда эътирофдир.

 

Leave a Comment

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>
*
*