ЖОНКУЯРЛИКНИ КАСБ ҚИЛГАН ИНСОН

Administrator/ Июль 3, 2019/ Маданият/ 0 comments

Шундай одамлар борки, бир ишга киришса унга борини бахшийда этади. Агар бир жойда хато қилса юраги оғрийди. Шундан маълумки, бу тоифа инсонларнинг виждони уйғоқ.

Улуғбек Иброҳимов. Бу ном «Улуғбек эшон» ёки «Улуғбек экология» бўлиб ҳам кўпчиликка таниш. Қаҳрамонимиз Машариф ота ва Ниёзжон она оиласида тарбия топган ўнта фарзанднинг биттаси. Катта оиланинг тортқиси ҳам шунга яраша бўлади. Шу боис фарзандлар ота-онасининг қўлига қараб ўтирмай меҳнатсеварликка болаликдан кўника боришган. Халқимизда «Суяги меҳнатда қотган» деган ибора бор. Шундан бўлса керак У.Иброҳимов институтни тамомлаб, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида, тикувчилик фабрикасида, «Боғоттекс» ОАЖда ишлаган йиллари ўз ўрни ва ҳурматини топди.

Улуғбек оғанинг экология соҳасидаги фаолияти алоҳида мавзу, ўзи бир китоб. Табиат жонкуяри сифатида танилган қаҳрамонимизнинг ушбу соҳага кириб келиш тарихи билан қизикдик.

—      Бунга сабабчи бўлган киши ўша йиллари вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси бўлиб ишлаган, ҳаёт тажрибаси бой инсон Раҳимбой Тоҳировдир. Шу кишининг таклифи билан экологга айландим. Раҳимбой аканинг бир гапи ҳамиша қулоғим остида жаранглайди: «Ўғлим, табиат яратганнинг уйи, инсон учун ҳаёт бешиги, одамларнинг бахтли яшашлари учун хизмат қилиш олий саодатдир, шунинг учун белни маҳкам боғлаб ғайрат отини қамчиланг». Ўшанда бу сўзлар менга далда бўлди, бор куч-ғайратим ва билимимни табиатни муҳофаза қилишга бағишладим, — дейди У.Иброҳимов.

Ҳа, у туманимизнинг қаерида бўлмасин, кимлар билан учрашмасин она табиатни асраш йўлида тушунтириш ишларини олиб боришдан асло чарчамади. Бунинг учун эса кўп ўқиди, соҳага доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан мунтазам хабардор бўлиб борди.

У.Иброҳимов матбуот нашрлари билан доимий ҳамкорлик қилиб келади. Унинг бу саъй-ҳаракатлари эса зое кетмаган. У экожурналистика бўйича ўтказилган республика танловларида бир неча бор ғолиб бўлиб, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий Кенгашининг диплом ва фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.

Улуғбек оға айни кунларда 60 ёшни тўлдирган бўлса-да, томирларидаги қон жўшиб оқмоқда. У бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партиясининг фаол аъзоси бўлиши баробарида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Шовот тумани инспекцияси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётир.

Турмуш ўртоғи Гулнора Саъдуллаева билан оила қурганларига салкам қирқ йил бўлибди. Икки ўғил, уч қизни тарбия қилиб, ўн нафар невара кўришди. Улуғбек оға адабиёт ва санъатни севадиган инсон, унинг бу хислати фарзандларига ҳам ўтган.

Улуғбек Иброҳимовни муборак олтмиш ёши билан қутлаб, унга эзгу амаллар йўлида муваффақиятлар тилашдан саодатмандмиз.

Азамат САФАР.

Leave a Comment

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>
*
*