ҲАЁТГА МЕҲР БИЛАН

Administrator/ Ноябрь 5, 2019/ Адабиёт/ 0 comments

ҲАЁТГА МЕҲР БИЛАН

Комилжон ХУДОЙБЕРГАНОВ 1959 йилнинг 28 ноябрида Боғот туманидаги Деҳқонбозор қишлоғида таваллуд топган. 1985 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини, 2007 йилда эса вилоят халқ таълими ходимларини  қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтини тамомлаган.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.

К.Худойберганов узоқ йиллар республика ва туман газеталари таҳририятларида ҳамда туман ҳокимлигида фаолият кўрсатди. Журналистлик фаолияти давомида ўзининг ҳар жиҳатдан серқирра ижодкор эканини намоён қила олди, долзарб мавзудаги мақолалари ила газетхонлар қалбидан ўрин эгаллади. Туманда маданият ва маънавият соҳаларида ишлаб, ташкилотчилиги билан эл назарига тушди.

Устоз ҳозирги кунда тумандаги 30-умумий  ўрта  таълим мактабида она тили ва адабиёт фанидан ўғил-қизларга сабоқ бериб келмоқда. Моҳир педагог 2011 йилда «Очиқ дарслар фестивали» кўрик-танловининг туман босқичида 1-ўринни, 2015 йилда эса маънавий-маърифий ишлар бўйича «Тафаккур» телефестивалининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади. Унинг «Навоий ижодига яна бир назар», «Китобсиз билим бўлмайди», «Дарс ҳам ижоддир», «Таълимнинг муҳим мезони» номли услубий қўлланмалари таълим жараёнига татбиқ этилди.

Мактабда тарбиявий ишлар таъсирчанлигини янада ошириб, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ижодкор ўқувчиларни аниқлаш мақсадида «Ёш адабиётчи» тўгараги Комилжон ака ташаббуси билан иш бошлади. Мазкур тўгарак аъзолари бўлмиш М.Озодованинг «Ўзбекнинг онаси» шеърлар тўплами, М.Манглиевнинг эса «Зериктирмас ёлғизлик» ҳикоялар тўплами чоп қилинди.

Ижодкорнинг «Умр — мангу қўшиқ» шеърий тўплами, «Абадият ёғдуси» эсдаликлар китоби ҳамда «Бир муҳаббат ашъори» қиссаси нашрдан чиққан. Устозни қутлуғ 60 ёши билан муборакбод этиб, унга ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Қуйида К.Худойберганов ижодидан намуналар ўқийсиз.

*    *    *

Бу ёруғ оламни гўё тез оқар дарё дегайман,

Ё абад қолмоққа мангу айни муддао дегайман.

Инсон умрин айтадурлар манзил оғир карвон деб,

Лек ҳаётда бу карвонга беписанд саҳро дегайман.

Кимга шодлик, кимга ташвиш, кимга озор этдик ато,

Билиб-билмай қилар бўлсак, барини хато дегайман.

Юз йил умр кўрган билан обод эрмас босган қадам,

Мен аларни маҳшар куни топмасин маъно дегайман.

Гар фалак кимга берибди нур таратмоқ васфини,

Нур бўлиб мангу қоларли умрини зиё дегайман.

Асли қодирмиз ҳар нега, яхши, ёмон бўлмоқ учун,

Кимки ёмон йўл танласа, кўрмиши жафо дегайман.

Кўп гап айтмоқлик сенга, эй Комил, фарз ўлса ҳамки,

Кўп тинглаганни мудом барчадин доно дегайман.

*    *    *

Ногоҳ босдинг чумолини,

Ҳеч ким билмади,

Ўйламадинг уволини,

Ҳеч ким билмади.

Ариқчадан сакраб ўтдинг,

Бир ниҳолни майиб этдинг,

Парво қилмай яна кетдинг,

Ҳеч ким билмади.

Қуш уяси нишон бўлди,

Полапонлар сарсон бўлди,

Она қалби вайрон бўлди,

Ҳеч ким билмади.

Бузилмас, деб  тўрт тарафинг,

Нокаслардан туздинг сафинг,

Кимга тегди зарар, нафинг,

Ҳеч ким билмади.

Марду-майдон эдинг шу чоқ,

Туну-кунинг бўлди овлоқ,

Борар жойинг эди ботқоқ,

Ҳеч ким билмади.

Билмаслар, деб югурибсан,

Шамчироқдай тик турибсан.

Ёниб охир кул бўлибсан,

Ҳеч ким билмади.

Leave a Comment

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>
*
*