СУВГА ЧЎКИШДАН САҚЛАНИНГ!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаган ўғил-қизларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш ҳолатлар аҳён-аҳёнда бўлса ҳам қайд этилмоқдаки, бу ҳар биримизни хушёр ва огоҳ бўлишга чорлайди.

Сув ҳавзаларида чўкиб кетиш билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳудудида жорий йилнинг 25 май кунидан 25 сентябрь кунига қадар сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ойликлари, деб эълон қилинган. Ушбу ойларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини таъминлаш қатъий белгиланган.

Хусусан, вилоятдан оқиб ўтувчи дарё, канал ва коллекторларнинг ҳар бир пикетига жавобгар шахсларни бириктириш, ёзувли шчитлар ўрнатиш вазифалари юклатилган. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ички ишлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари каби ташкилотлар бирлашмалари ва бошқа манфаатдор идоралар вакилларидан иборат ташкил этилган ишчи гуруҳларга жойларда чўмилиш ҳолатлари бўйича мониторинг ўтказиш ҳамда тегишли таклифлар киритиш тавсия этилган. Ишчи гуруҳларига сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш ва у ерларда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли, келиб-кетувчилар, дам олувчилар ўртасида огоҳлантирув-тушунтириш тадбирларини ўтказиш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш белгиланган.

Шу боис воҳадошларимиз ҳамда меҳмонларимиздан дуч келган сув ҳавзаларида чўмилмасликларини сўраймиз. Ўзингизга номаълум бўлган сув ҳавзаларида чўмилиб, ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг. Ҳушёр ва огоҳ бўлинг.

Элдор Бобожонов,

туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи.

Be the first to comment on "СУВГА ЧЎКИШДАН САҚЛАНИНГ!"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*