ЭҲТИЁТКОРЛИК ҲАЁТИМИЗ ВА МУЛКИМИЗНИ АСРАШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Ота-боболаримиз бежизга «ўт балосидан, сув балосидан Аллоҳ асрасин» дея таъкидлашмаган.

Фавқулодда вазиятлар, яъни сув тошқинлари турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, автомобил ва темир йўллари, электр ва алоқа тармоқлари, мелиоратив тизимларининг шикастланишига олиб келади. Шунингдек, хом–ашё, ёқилғи, озиқ–овқат, ем–хашак, ўғитлар йўқотилишига ҳамда тупроқнинг ҳосилдор қатлами ювилиб кетишига сабаб бўлади.

Сув босишининг юз бериш вақти ва қанча муддат давом этиши қишлоқ хўжалиги учун муҳим рол ўйнайди. Экинлар сув остида қолганида тупроқ таркибидаги ҳаво чиқиб кетади, натижада меъёрдаги ҳаво алмашинуви бузилиб, ўсимликлар илдизидан сувга карбонат ангидрид ўтади. Бунинг натижасида ўсимлик зарарланади.

Гидрологлар одатда сув сатҳи кўтарилаётганлиги ҳақида олдиндан огоҳлантирадилар. Бундай ҳолларда дамба ва тўғонларнинг аҳволи текширилиб, аҳоли хабардор қилинади, зарур бўлса муҳандислик ишлари олиб борилади.

Сув босадиган ҳудуд аҳолиси сув тошқинида қандай ҳаракат қилиши кераклигини яхши билиши лозим. Хавф ҳақида хабар сигнали олинганда дарҳол ҳужжатларни, қимматбаҳо ва керакли буюмларни, 2–3 кунлик озиқ–овқат ва ичимлик сув заҳираларини олиш, бошқа керакли нарсаларни йўқолмайдиган қилиб саранжомлаб қўйиш, энергия ресурсларини тармоқдан ўчириш, чорва молларини хавфсиз жойларга олиб ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

Х.Бекжонов,

туман ФВБ бошлиғи.

Be the first to comment on "ЭҲТИЁТКОРЛИК ҲАЁТИМИЗ ВА МУЛКИМИЗНИ АСРАШГА ЁРДАМ БЕРАДИ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*