ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ОЛИБ БОРИЛЯПТИ

Бугунги кунда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича туман ҳудудий комиссияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур жиноятларнинг мудҳиш оқибатлари ва унинг домига тушиб қолаётганлар тақдири, шунингдек, унинг миллий қадриятларимиз ҳамда маънавиятимизга кўрсатаётган салбий таъсирини ёшларга тушунтириш бўйича маҳаллаларда, таълим муассасаларида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кўплаб давлат идоралари ҳуқуқбузарликлар профилактикасини фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси сифатида баҳолаши анъанага айланиб қоляпти. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларнинг аниқ манзилга йўналтирилмай, уларга комплекс ёндашилмаётгани эса кутилаётган натижаларни бермаётир. Демак, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш барчамизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланиб, ушбу масалага ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.

Одам савдоси аслида халқаро уюшган жиноятчиликнинг таркибий қисми, глобал жиноий ҳодиса бўлиб, у тобора кенгайиб бораётганлиги бугунги кунда кўплаб мамлакатларни жиддий ташвишга соляпти.

Туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ходимлари томонидан маҳаллаларда аҳоли, айниқса ёшлар, хотин-қизлар ўртасида бола савдоси ва унинг салбий оқибатларини тушунтиришга қаратилган профилактик тадбирлар тизимли равишда ташкил этилиб, бу борада 90 дан ортиқ давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ўтказилди. Шу билан бир қаторда, одам савдоси, терроризм ва диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларнинг барвақт олдини олиш, ҳудуд танламас ушбу оғир жиноятларнинг аянчли оқибатларидан аҳолини хабардор қилиш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.

З.Отамуротов,

туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга

қарши курашиш тезкор вакили.

Be the first to comment on "ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ОЛИБ БОРИЛЯПТИ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*