ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ ҲАР БИРИМИЗ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШИМИЗ ЛОЗИМ

Одам савдоси — инсон қадр-қимматига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, унинг чегара танламаслиги, ўз домига асосан ёшлар ва аёлларни тортаётганлиги катта ташвиш ва хавотир уйғотади. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 30 йил ичида биргина Осиёда жинсий қулликка маҳкум этилган аёллар ва болалар сони 30 миллиондан ортиқни ташкил этди. Уларнинг жуда катта қисми жиноий ташкилотларнинг таъзийқи остида қулга айлантирилган.

Инсон савдосининг асосий ва энг хавфли шакллари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

Жинсий эксплуатация объекти сифатида аёллар савдоси;

Жинсий эксплуатация объекти сифатида болалар савдоси;

Мажбурий меҳнатнинг объекти сифатида инсон савдоси;

Одамнинг табиий органларини ажратиб олиш (трансплантация) мақсадларида инсон савдоси.

Ҳозирги кунда инсон савдоси жиноий гуруҳларнинг шиддат билан ўсаётган фаолият доирасига айланиб бораётир. Халқаро экспертларнинг баҳолашича дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад 7 миллиард АҚШ долларидан ошмоқда ва ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг инсон бу савдонинг қурбонига айланяпти.

БМТнинг тақдим этган маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 27 миллион инсон қулликдадир. Ҳар йили 600 мингдан 800 мингтагача аёллар ва болалар алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Халқаро ташкилотларнинг берган маълумотларига кўра, Нидерландия ва Бельгияда аёлларнинг жинсий қулликка маҳкум қилиниш ҳолатлари кўпроқ учрайди.

Ҳозирга қадар жуда кўплаб халқаро Конвенциялар ишлаб чиқилмоқда, қолаверса ҳар бир давлат ўз қонунчилигида инсон савдосига қарши кураш тўғрисида қонунлар чиқараётир.

Таъкидлаш лозимки, одам савдосига қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши деб юрганлар ҳам йўқ эмас. Бу жиноят турини битта органнинг кучи билан ҳал қилиб бўлмайди, бу кўпроқ ижтимоий муаммодир, масаланинг ўта долзарблиги ҳар бир фуқародан шахсий масъулиятни кучайтиришни талаб қилади.

Ҳар биримиз одам савдоси муаммосининг жиддийлигини, унинг тагида давлат ва миллат обрўси, халқ саломатлиги, келажак авлоднинг тақдири ётганлигини чуқур англашимиз ҳамда унга қарши курашда фаол иштирок этишимиз даркор.

Н.Асқаров, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.

Be the first to comment on "ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ ҲАР БИРИМИЗ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШИМИЗ ЛОЗИМ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*