ЯРАШИЛГАНЛИК МУНОСАБАТИ БИЛАН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИШ АМАЛИЁТИ МАВЖУД

“Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят, жиноят-процессуал кодекслари ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда ярашилганлик туфайли жиноий жавобгарликдан озод қилиш қонунчилигимизда ўз аксини топди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддасида ярашилганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш кўрсатилган бўлиб, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятлар бўйича гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбига иқрор бўлса ва жабрланувчи билан ихтиёрий ярашувга эришса ҳамда етказилган зарарни бартараф этса жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган бўлса ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг ярашганлиги жавобгарликдан озод қилмайди.

Иш бўйича бир неча жабрланувчилар бўлса, барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.

Суд ярашувни тасдиқласа жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотади. Шу сабабли аризани қабул қилиш пайтида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд  жабрланувчи ёки унинг қонуний вакилига юқоридаги қоидани тушунтириши шарт ҳисобланади.

Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, ярашилганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида мавжуд ҳисобланади. Бу эса ўзбек халқига хос бўлган раҳмдиллик, кечиримлилик анъаналари қонунларимизда ҳам ўз аксини топганини англатади.

Тарафлар ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини тугатиш жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури ҳисобланиб, бунда шахс судланмаган деб ҳисобланди. Мамлакатимизда ярашилганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш амалиётининг мавжудлиги натижасида кўплаб фуқароларимиз судланган деган номдан ҳоли бўлиб, жабрланувчининг ҳам бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.

И.Ёқубов,

жиноят ишлари бўйича туман суди ходими.

Be the first to comment on "ЯРАШИЛГАНЛИК МУНОСАБАТИ БИЛАН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИШ АМАЛИЁТИ МАВЖУД"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*