Ислоҳотлар амалда

Қалъажиқ қалъа ҳақидаги дастлабки маълумотлар асосан IX-XII асрлар араб-форс манбаларида учрайди. Муаллифи номаълум бўлган “Ҳудуд ал-олам” номли асарда у Карднасказ, ал-Истахрий ва ал-Мақдисий каби муаллифлар асарларида Кардаранхош ва Кардаранхос, Абулғозий, Мунис ва Огаҳий каби хоразмлик тарихчилар асарларида эса Кардан хаст ёки Гардан хаст каби номлар билан қайд қилиб ўтилган. Ушбу манбаларнинг бирида у ҳақда  “кичик бир шаҳар бўлиб, атрофи бой деҳқончилик воҳаси ва қишлоқлар билан ўралган”и қайд этилади, бошқасида бу истеҳком худди Ҳазорасп каби мустаҳкам мудофаа тизимига эга йирик қалъа сифатида таърифланади. Абулғозий асаридаги Гардан хаст араб манбаларидаги Кардаранхос шаҳри экани, бу эса Қалъажиқ харобаларига тўғри келади.

Амударёнинг  қадимги ўзанида, Хоразм воҳасининг маданий ҳаёт марказида жойлашган бу ёдгорлик ўзининг милоддан аввалги  IV-I асрларга ва ўрта асрларга оид мудофаа иншоотларини жуда яхши сақлаб қолган.

Аждодлар руҳини шод қилган ҳолда бугунги авлодлар ҳам муносиб ворис сифатида тарихий жойларни янада обод гўшага айлантириш, замонавий тилда айтганда туризмни ривожлантиришга бел боғлашган. Айни пайтда бу ерда тадбиркорлар томонидан улкан лойиҳалар амалга ошириляпти.

Турли миллат вакиллари истиқомат қилаётган туманимизнинг иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга яхшиланиб, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик қатори саноат соҳаси ҳам ривожланмоқда. Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, саноат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Хоразм вилояти ва туманларда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулоти ҳажмини туманлараро ҳамда туманларни шаҳар кўрсаткичлари билан таққослаш орқали таҳлил қилиш, саноат маҳсулотини аҳоли жон бошига тўғри келадиган миқдори динамикасини кузатиб бориш, ҳудудлардаги устувор вазифаларни ва ўсиш нуқталарини белгилаш муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида туманимизда жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши 200 миллиард сўмдан ортиқроқни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич  вилоятнинг жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишида 3,6 фоизига тўғри келди. Ҳисобот йилида туманда 128,8 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиб, ўтган 2019 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 109 фоизни ташкил қилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 9,2 миллион долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, йил якунига қадар туманнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чоралари кўрилмоқда. Ҳудудда енгил саноат тармоғи жадаллик билан ривожланаётганини кузатиш мумкин. Кластер тизими орқали ушбу йўналишдаги янгидан-янги лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Қулупнай – баҳор  чоғида дастурхонимизни безайдиган илк  мевалардан бири. Эндиликда бу мевани қишин-ёзин етиштирадиган омилкор тадбиркорларимиз бор. Ўзбекистон шароитида қулупнай мевасини етиштириш катта истиқболга эга. “Шаҳзода Жанона” хусусий  фирмасида  экспортбоп  қулупнай етиштириш  йўлга  қўйилган. Янги  инновацион ғоя ва ташаббуслар амалга тадбиқ қилиниши ўз ижобий самарасини  беради. Неъматжон Бекниёзов ҳам ана шундай ғояларни ҳаётга тадбиқ этган тадбиркорлардан бири. У қулупнайнниг серҳосил “Альбион” навини хориждан келтириб, иссиқхона шароитига мослаштирди. Илк ҳосил 7 тонна экологик тоза маҳсулот ички бозорга етказиб берилди.

Туманда илғор инновацион технологиялар асосида кўплаб иссиқхоналар фаолият юритиб, уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиш ва баҳор мавсумида аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Эътиборлиси кўп тармоқли фермер хўжликлари томонидан мазкур йўналишда истиқболли лойиҳалар амалга  оширилаётир. Тумандаги “Гулшан” маҳалласи ҳудудидаги Жанубий Корея технологияси асосида барпо қилинган иссиқхонада икки гектар майдонда етиштирилаётган помидор ҳосилини кўриб, кўзингиз қувнайди.

  • Биз иссиқхонага серҳосил помидор навини экдик. Бу ердаги барча жараён автоматлаштирилган. Оддий усулда етиштиралётган помидор кўчатларидан 2,5-3 килограмм ҳосил олинса, янги  технология  усулида ҳосилдорлик 1-12 килограмгача етади, — дейди Фароғат  Маҳмудова.

Иссиқхонада 35 нафар кишининг доимий бандлиги таъминланган. Замонавий технологияларга асосланган бундай лойиҳалар туманнинг экспорт салоҳиятини  юксалтиришга  хизмат  қилиши  шубҳасиз. Оилавий фермерларнинг қуёнчилик соҳасидаги тажрибаларини ҳам  оммалаштирса арзийди. Тадбиркор қуёнчилик  соҳасидан  олган  даромади  ҳисобига тадбиркорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантиряпти. Жумладан, мактабгача  таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйган.

  • Ўзбек аёлларининг бир вакили сифатида яратилаётган имкониятларни эътироф этиш менга мамнуният бахш этади, дейди Фароғат Маҳмудова. Бугун аёллар депутат, мураббий, шифокор сифатида эркаклар билан ёнма-ён фаолият юритаётган, тадбиркорлар учун жорий этилган имтиёзлардан кенг фойдаланаётган, ўз шахсий бизнесига, мол-мулкига эга бўлган замонда яшаяпмиз. Эндиликда аёл ўз фарзанди­ни шахсий автомобилида боғ­чага элтиб қўйишига ҳеч ким ажабланиб қарамайди. Айтай­лик, юртимизнинг қайсидир шаҳридаги юзлаб ходимлари, замонавий ускуналари бор хусусий корхонанинг со­ҳиби бўлган аёл тенг манфа­атли ҳамкорлик муно­сабат­ларини ўрнатиш мақса­дида ривожланган хорижий мамлакатларга йўл олиши ҳам одатий ҳолга айланган.

Юртимизда  ёш  авлоднинг таълим  тизимидаги биринчи ва асосий босқичи  бўлган мактабгача таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда туманда жами мактабгача таълим ёшидаги болалар сони 13 минг 277 нафарни ташкил этади. Шулардан 5 минг 411 нафари мактабагча таълим муассасаларига қамраб олинган. Туманда 60 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Давлат мактабгача  таълим муассасалари 23та, нодавлат мактабгача таълим муассасалари 3та, давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари эса 34та.

Ҳар бир ҳудуднинг қиёфасини замонавий шаҳарсозлик намуналари асосидаги бунёдкорликлар белгилайди. Туманимизда қурилиш соҳасида ҳам янгича ёндашувларга гувоҳ бўлиш мумкин. Жорий ярим йилликда туман бўйича 77,3 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109,1 фоизга ўсиш кузатилди.

Туман марказидаги “Ўзбекистон” кўчасида кўп қаватли замонавий турар-жой бинолари қад ростлаган. Бундай биноларни барпо этишда хусусий қурилиш корхоналарининг ҳам ҳиссаси бор.

Боғот шаҳарчасининг Феруз кўчасида миллийлик ва замонавийликни ўзида акс эттирган Давлат хизматлари маркази биноси қад ростлаган. Шунингдек, кўчада иккита беш қаватли  54 хонадонга мўлжалланган турар жойлар қурилмоқда.

Туманда ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2004 йилда ташкил этилди. Ҳозирги кунда спорт мактабида 16 та спорт туридан 1684 нафар ёш спортчиларга 44 нафар мураббий спорт сирларини ўргатиб келаётир. Спортчилар Республика ва Халқаро мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритишяпти.

Тумандаги ислоҳотлар самараси билан танишиш жараёнида Россиянинг Оренбург вилоятидан наслли эчки олиб келиб, кўпайтираётган тадбиркор йигит ҳақида эшитиб қолдик ва унинг суҳбатини олиш учун яна Қорақум барханлари томон йўл олдик.

  • Эчкичилик чорвачиликнинг сердаромад ва серпушт тармоғи ҳисобланади. Бу  тармоқ халқ хўжалиги учун қимматли тивит, гўшт, тери ва сут етиштириб беради. Эчкидан олинадиган тивит нозиклиги, майинлиги, енгил ва пишиқлиги билан  ажралиб туради. Келгусида сутни қайта ишлаш технологияси билан жиҳозланган  цех ташкил этиш ва тайёрланадиган бринза, пишлоқ каби маҳсулотларни ички  бозорга, кейинчалик  экспортга чиқариш  режамиз  бор — дейди Улуғбек  Пинязов.

Эчки сути таркибида фойдали элементлар, яъни фосфор ва кальций кўп бўлади.  Улуғбек Пинязов олиб келган ангор наслли эчкилар сони ҳозир 100тадан ошиб кетди. Четдан келтирилган зотли эчкилар ўзимиздаги жайдари турдошларига нисбатан  маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Ҳозирда бир эчкидан кунига 2 литрдан ортиқ  сут соғиб олинмоқда.

Қуёш тафти кетиб, қош қораяётган пайти чўлнинг ҳавоси ўзгача. Айниқса, бир тарафи кўлга туташ бўлса. Ўт атрофида ёвшан чойдан ҳўплаб, Улуғбек билан суҳбатимиз янада қизиганидан вақт ўтганини ҳам сезмай қолибмиз. Суҳбатдошимиз ишларига ривож тилаб, яна туман марказига қайтдик.

Азамат Сафар.

Be the first to comment on "Ислоҳотлар амалда"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*