ТАДБИРКОРЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тартибини тубдан такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини соҳага кенг жорий этиш асосида уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида бевосита мулоқот қилмайдиган шакллардан фойдаланиш жадал рағбатлантирилмоқда. Бу борада муҳим қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишни автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ қилинаётир.

Ягона давлат регистри маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманда рўйхатга олинган юридик шахслар сони (фермер ва деҳқон хўжаликлардан ташқари) 1221 тага етган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга кўп демакдир. Шундан фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони эса 1123 тани ташкил қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 237 тага ёки 26,7 фоизга кўплигини англатади.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича рўйхатга олинган корхона
ва ташкилотларнинг асосий қисми савдо (жами рўйхатга олинган юридик
шахсларнинг 26,4 фоизи), саноат (13,9 фоизи), қурилиш (6 фоизи), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (17,5 фоизи) соҳаларига тўғри келади.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманда 910 та тижорат шаклидаги корхона
ва ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан хусусий корхоналар 203 тани, оилавий корхоналар 204 тани, масъулияти чекланган жамиятлар 486 тани, бошқа тижорат корхоналари эса 17 тани ташкил этмоқда.

Шу йилнинг январь-июнь ойлари давомида туманда 220 янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олинган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42 тага кўп демакдир.

Фаолият кўрсатаётган жами 907 кичик тадбиркорлик субъектларининг 297 таси савдода, 155 таси саноатда, 67 таси қурилишда, 195 таси қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида, 45 таси яшаш ва овқатланиш  бўйича хизматлар соҳасида, 40 таси ташиш ва сақлашда, 15 таси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда, 7 таси ахборот ва алоқа соҳасида, шунингдек, 86 таси бошқа фаолият турлари бўйича иш олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туманда фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 8 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 тага ёки 33,3 фоизга юқори. Шунингдек, хорижий капитал иштирокидаги корхоналардан 7 таси қўшма корхоналар ва 1 таси хорижий корхона ҳисобланади.

Бугунги кунда рақобатбардошлик муҳитини яратиш мақсадида чет эллик сармоядорларга юртимиз бозорига кириб келишлари, ўз фаолиятларини олиб боришлари учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бунинг натижаси ўлароқ кейинги йилларда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони йилдан йилга кенгайиб бораётганлигини статистик рақамлардан билиш мумкин.

Фаолият кўрсатаётган 8 хорижий капитал иштирокидаги корхоналарни иқтисодий фаолият турлари бўйича олиб қарайдиган бўлсак, 3 таси саноат, 3 таси савдо, 2 таси эса қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ҳиссаларига тўғри келади.

Юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган оилавий корхоналар сони эса шу йилнинг 1 июль ҳолатига 231 тани ташкил этиб, улардан 204 таси ёки 88,3 фоизи фаолият юритяпти.

М. Худойберганов,

туман статистика бўлими бошлиғи.

Be the first to comment on "ТАДБИРКОРЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*