ИШ САМАРАДОРЛИГИ ОШМОҚДА

Суюлтирилган газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ис газидан заҳарланиш ва ёнғин чиқиши каби содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ходисаларнинг олдини олади. Айниқса, бунда газ баллонининг тўғри ўрнатилиши жуда муҳимдир. Шу боис яқинда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ туман газ таъминоти бўлимларида суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллонларини аҳоли хонадонларига ўрнатиш ва алмаштириш бўйича чилангар штати жорий этилган эди. Айни муддао бўлган мазкур янгилик Боғот туманида ҳам ҳаётга татбиқ этилди.

       Туманда бугунги кунда 17392 та аҳоли хонадонига суюлтирилган газ режа-график асосида етказиб берилмоқда. Яъни, бўш газ баллони хонадонлардан олиниб, тўлдирилганларига алмаштириб берилаётир. Эндиликда мутахассис томонидан хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда суюлтирилган газ баллони хонадонларга атиги 3000 сўм эвазига ўрнатилмоқда. “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали “Боғот тумангаз” бўлими суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича етакчи муҳандиси Баҳром Раҳимовнинг таъкидлашича, бу янгилик иш самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этяпти. Чунки, илгари суюлтирилган газ баллонларини бевосита аҳоли хонадонларига етказиб бериш жараёнида икки киши қатнашган бўлса, ҳозирда бу ишда уч кишининг иштироки мавжуд.

      Шунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида аҳоли хонадонларига 1405 тонна ўрнига 1423,5 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиб, режа ортиғи билан бажарилди.

     Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хонадонларга суюлтирилган газ етказиб беришда туман газ таъминоти бўлими ходимлари коронавирус карантини қоидаларига қатъий риоя қилишмоқда. Аҳолига хизмат кўрсатувчи барча ишчилар махсус ҳимоя кийимлари билан таъминланган. Аҳолидан йиғиб олинган газ баллонлари эса дезинфекция қилинганидан сўнг газ тўлдириш станциясига юборилаётир. Барча ишчиларнинг карантин қоидаларига риоя этишлари қаттиқ назорат остига олинган.

“Ҳудудгаз Хоразм” Ахборот хизмати.

Be the first to comment on "ИШ САМАРАДОРЛИГИ ОШМОҚДА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*