СУД ТИЗИМИ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРГА МОСЛАШТИРИЛМОҚДА

Суд тизимини ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилувчи мустақил институтга айлантириш, шунингдек, судлар нуфузини ошириш бўйича республикамизда салмоқли ишлар амалга оширилди. Айтиш жоизки, бу каби ишлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Соҳадаги ислоҳотларни давоми сифатида шу йилнинг 24 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Мазкур фармон суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини янада яхшилаш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги, тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Хусусан, янги фармонда суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган. Жумладан, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, улар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этиш кўзланган. (Маълумот учун айтиб ўтамиз, ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди. Олдинги йилларда вилоят судларида судьялар сонининг камлиги боис 20 мингдан ортиқ суд ишлари бир вилоятдан иккинчисига бериларди, бунинг натижасида фуқаролар сарсон бўлардилар, эндиликда муаммолар кузатилмайди).

Шунингдек, илғор хорижий тажриба ва стандартларни инобатга олиб, самарали маъмурий одил судлов тизими яратилмоқда. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади. 199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, уларнинг негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида 14 та туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади.

Судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий қилинади.

Судда иш кўрилиши жараёнида прокурор иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.  

Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Бунда суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Ушбу институт совет тузумидан қолиб, аксарият МДҲ давлатларида анча олдин бекор қилинган эди. Ўтган 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинганини кўриш мумкин. Эндиликда, бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркибини тузиш белгиланган.

Олий суд тизимида ихтисослаштирилган инвестициявий таркиб ташкил этилиб, унинг зиммасига йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилади.

Тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда суд тизимининг қуйи бўғинида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 4 та туман, яъни Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом иқтисодий судлари тугатилмоқда. Ушбу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судларга юклатилади. Шунингдек, 5 та туман фуқаролик судлари ташкил этилмоқда. Аҳолиси нисбатан кўп бўлган ҳамда қўшни туман судлари узоқ масофада жойлашган Янгийўл туман ва шаҳар, Ургут, Хатирчи, Пахтакор туманларида эса фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилмоқда. Шу билан бир қаторда, Сўх тумани анклав бўлгани боис фуқароларга чегарадан ўтиб, Риштон туманидаги туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судга келиши қийинчилик туғдираётгани сабабли шу туманда янги фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этилади. 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилмоқда.

Умуман олганда, мазкур фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, шунингдек, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Д.Шарипов, Хазорасп тумани маъмурий суди раиси.  

Б. Ҳайитбоев, Боғот тумани маъмурий суди раиси.

Be the first to comment on "СУД ТИЗИМИ ХАЛҚАРО СТАНДАРТЛАРГА МОСЛАШТИРИЛМОҚДА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*