ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ДОЛЗАРБ АҲАМИЯТГА ЭГА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг
30 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида одил судлов таъминланмаган, коррупция авж олган давлатга ҳеч қандай тадбиркор, инвесторда ишонч бўлмаслиги ҳақида гапириб ўтганди. Шунингдек, мазкур йиғилишда одил судловни таъминлаш ва коррупцияни олдини олиш ҳамда унга барҳам бериш бўйича бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, унда 20 миллион АҚШ доллардан ортиқ маблағ киритган инвесторлар фаолиятида суд жараёни билан боғлиқ муаммо кузатилган тақдирда ишни тўғридан тўғри Олий судда кўриш, ночор оилаларни суд божидан озод қилиш таклиф этилди. Шу билан биргаликда, ҳар бир вилоят судида ахорот хизмати фаолиятини ташкил қилишга эҳтиёж сезилаётгани ҳам маълум қилинди. Президент суд тизимини ислоҳ қилиш ҳақида гапираркан, келгусида бирор бир судьяни ҳудудларда ваколати доирасидан ташқарида бўлган ишларга жалб қилмаслик талабини қўйиб, шу вақтга қадар судьялар қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилингани ҳақида гапирди.

Маълумки, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, судьялар олий мактабини ўқиб, тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди. Энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, ўтган 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис, тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

«Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!», дея таъкидлади давлат раҳбари. Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Келгусида Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади.

Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги таъкидланди. Хусусан, йил якунигача суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда мажбурий қайд этиш тизимини жорий қилиш топшириғи берилди. 

Шунингдек, йиғилишда, хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарурлиги ҳам таъкидланди.

Маълум қилинишича, сўнгги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиши, бино-иншоотларни бузиши ва хусусийлаштиришга оид 1730та қарори бекор қилинган.

Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51та, хусусийлаштиришга оид 62та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги таъкидланди.

«Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур», деди Президент. Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.

«Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ», – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Судья фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича келгусида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қисқаси, Президент бошчилигида ўтказилган мазкур видеоселектор йиғилиши судлар фаолиятида одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияни олдини олишда туб бурилиш ясашнинг навбатдаги қўйилган илдам қадами бўлади деб ишонч билдирамиз.

Б.Давлатов,

Боғот туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Be the first to comment on "ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ДОЛЗАРБ АҲАМИЯТГА ЭГА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*