ТЕРРОРИЗМ ВА ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ – УМУМЖАҲОН МУАММОСИ

Сўнгги вақтларда халқаро терроризм ва экстремизм жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан бири сифатида дунё давлатлари тинчлиги ҳамда хавфсизлигига кучли таҳдид солиб келмоқда. Хусусан, бугунги кунда айрим давлатлардаги ижтимоий-сиёсий беқарорлик, шунингдек, террорчилик ташкилотларининг таъсир доиралари кенгаяётгани минглаб инсонларни бевақт ҳаётдан кўз юмишларига сабаб бўлаётир.

Барчамизга маълумки, диний экстремизм ва терроризм асримизга кириб келган энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири сифатида барча мамлакатлар тараққиёти ҳамда миллатлараро ҳамжиҳатликка жиддий раҳна соляпти. Умумбашарий муаммога айланган экстремизм ва терроризмни фақат биргаликда, тор геосиёсий манфаатлардан воз кечган ҳолда ҳаракат қилибгина енга олиш мумкинлигини бугун кўп давлатлар тан олди.

Сўнгги йилларда Республикамизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, мамлакатда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар Марказий Осиё давлатларидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга қаратилган фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Мамлакатимиз Президенти ўсиб келаётган ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг дунёга очиқ кўз билан қараш кўникмаларини эгаллашида маънавий-мафкуравий тарбиянинг роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб, “фақат жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган одамни тарбиялаш унчалик қийин эмас. Аммо, уни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан камол топтириш ғоят мураккаб вазифа бўлиб, бу масала ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга” деган эди.

Демак, бугунги кунда терроризм ва экстремизмнинг турли таҳдидларига қарши курашиш ва фуқароларимиз, айниқса ёшларимизнинг ҳар хил ёмон йўлларга кириб қолишларининг барвақт олдини олиш мақсадида барчамиз аҳоли ҳамда ёшлар онгида кучли мафкуравий иммунитетни шакллантиришимиз лозим.

З.Отамуродов,

ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши

курашиш гуруҳи катта тезкор вакили.

Be the first to comment on "ТЕРРОРИЗМ ВА ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ – УМУМЖАҲОН МУАММОСИ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*