НОҚОНУНИЙ ВАЛЮТА САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Республикамизда хорижий валюталарни айирбошлаш ва конвертация қилиш муаммолари ҳал этилган бўлишига қарамай чет эл валюталарининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар ҳамон учраб турибди. Айтиш жоизки, бу турдаги жиноятларга қарши курашиш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда, шунингдек, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакиллари томонидан аҳоли ўртасида валюта қимматликлари билан ноқонуний тарзда савдо-сотиқни амалга оширганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кучайтирилганлиги ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётир. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим фуқаролар ҳалол меҳнатдан қочиб, эгри йўллар билан пул топиш йўлига ўтишгани, илгари айни масала бўйича судланган бўлишларига қарамай ўз «одат»ларини ташламаганликлари жуда ачинарли.

Яқинда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Хива шаҳридаги деҳқон бозорида ўтказилган тезкор тадбир давомида шу туманда яшовчи фуқаро Эркинбой Матжонов (исм-шариф ўзгартирилган) исмли шахс ноқонуний равишда бошқа бир фуқародан 100 АҚШ долларини сотиб олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланди.

Мазкур иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судида кўриб чиқилди. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деган гап бор. Аммо, бу ҳикматли ибора  «қахрамон»имизга тегишли эмасдек, назаримизда. Бундай деяётганимизга сабаб шуки, тергов-суриштирув тадбирлари давомида Э.Матжонов муқаддам ноқонуний валюта савдоси бўйича маъмурий жавобгарликка ҳам тортилгани аён бўлди.

Суд Эркинбой Матжоновни Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси, 1-қисми билан айбли деб топиб, унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Э.Матжоновнинг бундан кейин тўғри йўлда юришига умид билдириб қоламиз.

Дилшодбек ВАФОЕВ,

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш

департаменти туман бўлими бошлиғи.

Be the first to comment on "НОҚОНУНИЙ ВАЛЮТА САВДОСИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*