“АҚЛЛИ” ЭЛЕКТРОН ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРИ ЎРНАТИЛМОҚДА

Бутунжаҳон иқтисодиётида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи устувор вазифа сифатида кун тартибига чиққан. Шу боисдан соҳада қатор ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, жорий йил “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти аҳоли хонадонларига бепул “ақлли” электрон газ ҳисоблагичларини ўрната бошлади. Айтиш жоизки, мазкур “ақлли” электрон газ ҳисоблагичлари газ сарфини аниқ ҳисоблаши билан биргаликда истеъмолчиларни тежамкорликка ҳам ўргатади.

Боғот туманида айни кунга қадар ушбу турдаги ҳисоблагичлардан 762 таси хонадонларга ўрнатилди. 2021 йил охиригача 13474 та хонадонга бу каби ҳисоблагичлар ўрнатилади. “Ақлли” ҳисоблагичларни ўрнатиш, ечиш ва таъмирлаш ҳаражатларини газ таъминоти корхонасининг ўзи қоплайди, истеъмолчидан эса фақатгина уларнинг сақланишини таъминлаш талаб этилади, холос. 

Шу ўринда “ақлли”  ҳисоблагичларнинг механик ҳисоблагичлардан фарқли хусусиятлари ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ деб билдик.

Бу ҳисоблагич худди мобил телефон каби сим карта ва аккумулятор-батарея билан ишлайди, диспетчерлик хизматига тўғридан-тўғри симсиз алоқа ёрдамида уланган бўлади. Диспетчер мониторда қайси хонадонга айни дақиқада қанча газ узатилаяпти, қайсисига умуман узатилмаяпти, қаерда қандай носозлик бор, буларнинг барчасини кўриб туради. Қарз юзага келиши биланоқ инсон аралашувисиз газ узатиш токи пул тўлангунга қадар тўхтатилади. Албатта, уйингизга газ бирданига келмай қолмайди. Қарздорлик пайдо бўлишига яқин қолганда ҳисоблагич пул тўлашингиз лозимлиги тўғрисида мобил телефонинггизга хабар жўнатади ва дам олиш ҳамда байрам кунларидан бошқа вақтдагина қарздорга газ узатишни тўхтатади.

Ушбу янгилик туфайли мамлакатимизда қатъий тўлов интизоми жорий этилишига асло шубҳа йўқ.

“Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти

филиали матбуот хизмати.

Be the first to comment on "“АҚЛЛИ” ЭЛЕКТРОН ГАЗ ҲИСОБЛАГИЧЛАРИ ЎРНАТИЛМОҚДА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*