РАҲМАТ СИЗГА МУАЛЛИМ, ТАЪЗИМ СИЗГА УСТОЗЛАР!

Ёш авлод таълим-тарбияси — машаққатли ва шарафли юмуш. Устоз отангдек улуғ, деган асрий ҳикмат, ўзбекона лутф замирида ҳам ана шу ҳаётий ҳақиқат мужассам. Шу боис истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини эъзозлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури каби ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилиши туфайли янги ўқув бинолари барпо этилди, мавжудлари қайта реконструкция қилиниб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, жиҳозлар, компьютер техникалари билан таъминланди. 

Бинобарин, 1997 йилдан буён юртимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. 
Ушбу сана маърифатпарвар халқимиз, фарзандлари камолини кўриш истагидаги ота-оналар, билимга чанқоқ ёшлар учун ҳам қувончли айёмдир. Чунки, меҳридарё устозларни ардоқлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий ва истиқлол йилларида янгича маъно-мазмун касб этган қадриятларидан бири саналади.

1 октябрь куни бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва бу вазифани айни пайтда ҳам шараф билан бажариб келаётган инсонларни касб байрамлари билан табриклашга ошиқамиз.  Албатта, ҳар биримиз исталган соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Аввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий ўқув юртида устозлардан сабоқ оламиз. Ота-оналаримиз эса бу борада бизнинг бир умрлик йўлдошимиздир.

Кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган устозларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат — эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз.

Инсон борки, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.

Бугунги синовли, бутун дунё пандемия балоси қаршисида қолаётган бир шароитда ўқитувчи ва мураббийларимиздан аввалгиданда кўпроқ огоҳлик ҳамда ҳушёрлик, масъулият талаб этилади. Ўйлаймизки, бу кунларни устозлар билан собитқадамлик билан босиб ўтамиз.

Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот — ўқитувчи ва мураббийларимизга касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!

Гулноза РЎЗМЕТОВА,

1-сон мактаб ўқитувчиси.

Be the first to comment on "РАҲМАТ СИЗГА МУАЛЛИМ, ТАЪЗИМ СИЗГА УСТОЗЛАР!"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*