МЕВАЛАР ЙИҒИШТИРИЛИБ, ЭКСПОРТГА ЙЎНАЛТИРИЛМОҚДА

Айни кунларда вилоятимиз миришкорлари томонидан етиштирилган сархил мевалар, хусусан, узум жойлардаги совутгичларга жамланиши билан бир қаторда чет элга экспорт қилинмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, туманимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланиб бормоқда. Соҳага қаратилаётган эътибор, деҳқон ва фермерларга яратиб берилаётган шароитлар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига замин яратади. Аҳамиятлиси, туманда етиштирилаётган сархил мева ва сабзавотларга хориж бозорида ҳам талаб кучли.

Ўлкамиз табиати сахий. Айниқса, қуёшнинг заррин нурларида пишиб етилган шириндан-шакар мевалар-у, полиз экинлари ва сабзавотлардан баҳраманд бўлган инсон шу юртда туғилганига шукроналар айтади. Айни пишиқчилик пайтида деҳқон-у миришкорларнинг машаққатли меҳнати етиштирилган мўл ҳосил мисолида намоён бўлмоқда. Туман бўйича мева-сабзавотчилик йўналишидаги жами  81 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар томонидан ҳар йили сифатли ва экспортбоп маҳсулот етиштирилади. Бу йилги баҳорнинг эрта келиши, ўз вақтида қилинган агротехник тадбирлар натижаси ўлароқ бугун мўл ҳосил олишга эришиляпти. Мавсум бошидан бери биргина узумдан 260 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилди. Яна 50-60 гектарлик майдонда ҳосилни йиғиб олиш ишлари давом этаётир.

Масалан, “Шомурод бобо набираси Умиджон” фермер хўжалигининг 11 гектардан зиёд майдонида узумнинг “тоифи” нави етиштирилди. Айни кунларда токзорларда мева йиғиштирилмоқда. Ҳудудда нафақат фермер хўжаликлари, балки томорқа ер эгаларининг кўпчилик қисми ҳам асосан узум етиштириш билан шуғулланади. Уларда деҳқончиликнинг бу тури бўйича тажриба ва кўникмалар ҳам ҳосил бўлган. Фермер хўжалиги бўйича йиғим-терим, қадоқлаш ишларига 50 нафарга яқин ишсиз аёллар мавсумий ишга жалб қилинган. Махсус идишларга жойланган мевалар ҳудуддаги совутгичларда сақлаш учун юборилади. Шунингдек, маълум қисми мутахассислар кўригидан ўтказилиб, экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

Ўз мухбиримиздан.

Be the first to comment on "МЕВАЛАР ЙИҒИШТИРИЛИБ, ЭКСПОРТГА ЙЎНАЛТИРИЛМОҚДА"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*