ФАСЛЛАР ДОНИШМАНДИ

…Яқиндагина эди бутун борлиқ яшилликка бурканиб, яшнаб тургани. Қучоғидаги тўкинлик, пишиқчиликни дастурхонимизга тортиқ қилган саховатли ЁЗ ҳам ўз ўрнини олтин КУЗга бўшатиб берди. Ажабо, вақтнинг ўтганини қаранг!

Ҳаёт чархпалаги тинимсиз айланаётгани ҳеч хаёлимизга келмайди. Дарахтларнинг олтин тус олган япроғи чирт-чирт узилиб, ўз қўшиғини куйлагани ҳолда, оҳиста ерга қўнаётгани ҳар кимнинг ҳам эътиборини тортавермайди. Барглар ҳам қўшиқ айтадими, дерсиз. Баланд дарахтлари бисёр боққа ёки хиёбонга кириб, ўриндиққа ўтиринг-у кузатинг. Бутун вужудингиз қулоққа айлансин. Бир куйки, бутун борлиғингизга сингиб боради, раққоса баргларнинг навога ҳамоҳанглиги сизга нималарнидир эслатади: йилларми, йўлларми? Йиллар ва йўллар оралиғида гоҳ сокин, гоҳ жўшқин кечган туйғулар, “МУҲАББАТ” ва “ҲИЖРОН” бекатидаги кутиш ё куттиришлар, “АЛДОВ” кўчасидан кириб “ХИЁНАТ” чорраҳасида тўқнаш келган кўнгилсизликлар, сирингни сувга айтиб, дардинга дардкаш излаганинг, қувонганда қувнаганинг, умуман топганинг ва йўқотганларинг бир-бир кўз олдингдан кино тасмасидек ўтаверади…

…Хаёлларингни тўзғитиб, шамол елканларида ташриф буюрган “ЁМҒИР”  аталмиш оркестр бастакор КУЗ мусиқасига жўр бўлади шу он. Ана, холос. Соябонини кўтариб у ёқдан бу ёққа чопаётган одамлардек хаёлингиз тўзғишига йўл қўйманг! Хотиржамликни ўзингизга одат қилинг, чунки куз хотиржамликни хуш кўради. Яна бир қишга тараддудланаётганингизга, қалбингизда ҳали неча-неча баҳор чечаги борлигига шукрона келтиринг. Ҳеч бир фасл кузчалик сизни ўйчанликка чўмдирмайди, ундамайди ҳам. Фақат шу фаслда сиз учун ўйлаш имконияти бор.

Қаердадир ўқиганингиз, ҳикматни такрорланг: Бир пайтлар кулиб тушган суратингни йиғлаб, йиғлаб тушганингни эса кулиб эслайсан.

Мана шундай фалсафа оғушида яшашни бизга фақат донишманд КУЗ ўргата олади. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Нима бўлганда ҳам кўнглингиздан кечаётган ниятни яхшилик ва эзгулик булоғидан қондиринг. Сиз юрган йўлларда чечаклар унсин, сизни кўрган, сиз билан суҳбатдош бўлган диллар яйрасин, бу ҳаётга йиғлаб келган бўлсангиз-да, кулиб яшанг!

…Деразадан ташқарига нигоҳ ташланг. Донишманд КУЗ сурати-ю сийрати намоён. Куз билан сирлашинг, ўртоқлашинг, унинг оҳангига қулоқ тутинг. Мусиқаси маҳзун бўлса-да, яшаш иштиёқи, руҳиятида тетиклик бор.

Азамат Сафар

Be the first to comment on "ФАСЛЛАР ДОНИШМАНДИ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*