ТИНЧЛИК – ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ

Мамлакатимиз тинчлигини асраш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, осуда ҳаётни сақлаш жуда муҳим. Бунинг учун, энг аввало, миллий армиямиз куч-қудратини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида Ватанимизнинг нафақат бугунги тараққиёти, балки келажакдаги ривожи талабларига ҳам жавоб берадиган, мутлақо янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Сир эмаски, миллий армиямиз ташкил этилган илк йилларда Қуролли Кучлар тизимида ҳам жиддий муаммолар мавжуд эди. Собиқ иттифоқ армиясидан қолган мерос — ҳарбий хизматни ўташ тартибларига риоя қилмаслик, бошбошдоқлик, оғир жиноятларни содир этишга мойиллик, айниқса, халқимизнинг армияга ишончсизлиги, ёшларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлаши каби муаммолар ўз ечимини кутарди.
Янги, мустақил давлат армияси тизимида олиб борилган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан миқёси жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифалар амалга оширилди. Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 6 сентябрдаги Фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилиб, кейинчалик Мудофаа вазирлигига айлантирилди. 1992 йил 14 январда мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалишида, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ҳамда осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи, деган эътирофга муносиб бўлмоқда.

Ватан ҳимоячиларининг байрами – бу аввало, тинчлигимизнинг, осойишта ҳаётимизнинг байрамидир. Тинчлик бор жойда эса байрам, тўй-томошалар бўлади.
Айтиш керакки, бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида тобора кескин тус олаётган вазият, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани барча халқларни чуқур хавотирга қўймоқда. Юзага келаётган ана шундай таҳликалар барчамиздан огоҳликни, Қуролли Кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Миллий армиямизнинг Ватан ҳимоясига шайлигини ошириш бўйича мавсумий дала ўқув-йиғинлари ташкил этиляпти. Бу ўз навбатида ҳарбийларнинг амалий тажрибалари ошишига хизмат қилмоқда.

Ифтихор билан айтиш керакки, бугунги кунда йигитларимиз учун Ватан ҳимояси олий шарафга айланган. Ҳарбий бўлишга интилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Шу ўринда яна бир гап. Ёшларимизга Ватан ҳимояси нима эканлигини, чегарада турган аскар ортида юрти, оиласи борлигини теранроқ англатишимиз керак. Бир пайтлар бошимиздан кечирган уқубатли кунлар бугун ортда қолди. Мустақиллик эълон қилинганидан бошлаб аскарларимиз фақат ўзимизнинг юртимизда хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмайди ва ўз ҳудудида чет мамлакатларнинг ҳарбий базалари жойлашишига ҳам йўл қўймайди. Бу — қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлаш даркор. Уларнинг яхши яшаши, оиласи, фарзандлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Оила тинч бўлса, ҳимоячиларнинг ҳам кўнгли хотиржам бўлади. Бу борада Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун турар-жой қуриш дастури тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор ижроси доирасида ҳудудларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига бир қанча замонавий кўп қаватли уйлар тантанали равишда топширилди.

Миллий хавфсизлик концепсияси ва Мудофаа доктринасини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, тинч юртда тараққиёт, ўзгаришлар, ислоҳотлар кузатилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ўз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш орқали давлатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш ва халқимиз хавфсизлигини, тинчлигини асрашни белгилаб олган ва бу йўлда шахдам одимлар билан бошланган янги ислоҳотлар Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Доутбой КАИПОВ,

Ҳарбий хизматчи.

Be the first to comment on "ТИНЧЛИК – ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*