ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ УЗОҚ УМР КЎРИШ ГАРОВИДИР

Илмий асосланган овқатланиш мустаҳкам соғлиқ, юқори ишчанлик ва узоқ умр кўришнинг асосий шартларидан биридир. Таом инсоннинг ҳаёт фаолияти ва ўсиши учун муҳим бўлган қувват манбаидир. Организм учун зарур бўлган озуқа маҳсулотлари олти гуруҳга бўлинади, булар — углевод, оқсил, ёғ, витаминлар, минерал элментлар ва сув. Тўғри овқатланиш – ушбу маҳсулотларни мос ва етарли миқдорда қабул қилиш демакдир. Овқатланиш одамнинг ирсияти, ёши, жинси, жисмоний юкламаси, йилнинг иқлими ва фаслига боғлиқ бўлади. 

Шуни айтиб ўтиш лозимки, ҳеч бир овқат ўз-ўзидан яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди. Барча турдаги овқат маҳсулотлари маълум миқдорда озуқавий қийматга эгадир. Фақат нима истеъмол қилаётганимиз эмас, балки қанча миқдорда, қачон ва қанақа шароитда истеъмол қилаётганимиз ҳам муҳимдир. Ҳозирги кунда тўғри овқатланишнинг бир неча қоидалари ишлаб чиқилган.

Уларнинг асосийларини қуйида келтириб ўтамиз:

1. Таом истеъмол қилиш жараёнига эътибор ва масъулият билан қараш лозим, овқатланаётган пайтда ҳеч қачон иш ва муаммолар ҳақида ўйлаш керак эмас. 

2. Таомни ҳар куни куннинг маълум бир қисмида ва маълум бир вақтда истеъмол қилиш лозим. Чунки, ошқозон шунга кўникади ва шу вақтга келиб шира ажратишни кўпайтиради. 

3. Таомни яхшилаб чайнаб (камида 15 марта) истеъмол қилган маъқул. Овқат оғиз бўшлиғида қанча кўп турса ва чайналса, ошқозонда шира шунча кўп ажралиб чиқади ва овқат хазм қилиш жараёни шунча осон кечади. 

4. Дастурхон атрофига ҳорғин ёки асабий холда ўтириш ярамайди. Овқат истеъмол қилишдан 10-15 дақиқа олдин барча муаммоларни унутиб, хотиржам холда овқат истеъмол қилишга тайёрланиш лозим. 

5. Истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотлари турли-туман бўлиши даркор, лекин уни меъёрдан ошириб юбормаслик лозим. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ошқозон ҳажми 350-450 сантиметр куб.

6. Таом билан чой ўрнига шарбатлар ёки қайнатилаган сув истеъмол қилиш тавсия этилади, чунки чой таркибидаги танин моддаси овқат таркибидаги темир моддасини организмга тўлиқ сўрилишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бундан ташқари овқат билан газли, яхна ичимликлар истеъмоли ҳам тавсия этилмайди. 

7. Овқат рационини тузишда инсон организмининг ўзига хос хусусиятлари ва яшаш шароити ҳисобга олиниши керак. Тўрт маҳалли овқатланиш мақсадга мувофиқ: кунлик истеъмолнинг 25 фоизи нонушта, 35-40 фоизи – тушлик, 10-15 фоизи – толма чой ва 25 фоизи – кечки овқат бўлиши лозим. Уйқудан 2-3 соат олдин овқатланиш мақсадга мувофиқ, асосий истеъмол вақтлари орасида эса овқатланиш мумкин эмас. Шарбат, конфет, олма – булар алоҳида (қўшимча) овқатланиш турлари ҳисобланади.

Хосият ХУДОЙНАЗАРОВА,

туман Саломатлик маркази шифокори.

Be the first to comment on "ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ УЗОҚ УМР КЎРИШ ГАРОВИДИР"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*