БОЛА ТАРБИЯСИГА ЖИДДИЙ ЁНДОШМОҚ КЕРАК

Баъзида болаларимизнинг ақлий ялқовлиги, эринчоқлигидан нолиб қоламиз. Дарсларни юзаки бажариши, ўз мақсадларига тез ва осон тарзда етишишга интилишларидан ташвишланамиз. Хўш, бу иллатларнинг илдизи қаерда-ю, давоси нимада?

Кўпгина ота-оналарга “фарзандигизни боғчага беришингизга нималар сабаб бўлди?” қабилида савол берсангиз, «ишга чиқишим керак, вақтида уҳлаб, вақтида туради, овқатланиши бир маромда бўлади» деб жавоб беришади. Шу ўринда боғчанинг номланишига бир эътибор қаратайлик, “мактабгача таълим муассасаси”. Демак, боғча болага тарбия бериши билан бирга, уни билим олишдек катта меҳнатга тайёрлашга ҳам кўмаклашувчи даргоҳдир. Шу даврда ота-она тарбиячи билан ҳамкорликда иш олиб бориши даркор. Фарзандни севиш, унга меҳр-муҳаббат кўрсатиш табиий равишда  ота-онага ҳос туйғу, лекин боланинг ёшига қараб у билан ақл-фаросат, атроф-муҳитга мунособат, зеҳн ва хотира тарбияларини олиб боришдек маъсулиятли вазифа ҳам борки, бу амаллар лоқайдлик билан четга суриб қўйилса бунинг ортидан азиятлар бўй кўрсатиши мумкин.

Ўз фарзанди ақлли, зукко бўлишини истаган ота-она бола тилида ва уни  англаб олишига осон тарзда саволларга жавоб беришига вақт, хоҳиш, сабр-тоқат топа билиши лозим. Болани жеркиб, танбеҳлар билан қизиқишини сўндириш ақлий ялқовлик сари етаклайди.

Йигирма ёшли киши билан йигирма беш ёшга кирган инсон ўртасида ақлий ва жисмоний жиҳатдан деярли фарқ бўлмаслиги мумкин, аммо уч ёшли бола билан тўрт яшар боланинг ўртасида катта тафовут бўлади. Бундан кўриниб турибдики, айнан шу паллада уларнинг онг-у шуури, вужудида кун, соат, дақиқалар сайин ривожланиш жараёни кечади. Бола “ўзидaн” ортда қолиб кетмаслиги эса биз катталарнинг ғамхўрлигимизга, тўғри тадбирлар қўллай билишимизга боғлиқ.

Дилфуза РЎЗМЕТОВА,

2-сон мактаб ўқитувчиси.

Be the first to comment on "БОЛА ТАРБИЯСИГА ЖИДДИЙ ЁНДОШМОҚ КЕРАК"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*