ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Қиш мавсумида ҳаво ҳарорати пасайиши билан турли хил ёқилғи турларига (табиий газ, суюлтирилган газ, кўмир, ўтин ва бошқалар) эҳтиёж ортади. Бу эса ўз навбатида хонадонларда ёнғин, чақнаш ҳолатлари ҳамда табиий ва ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолини оширади. Бундай нохуш вазиятларнинг олдини олиш, инсонлар ҳалок бўлиши, уй-жойлар куйиб кулга айланишига йўл қўймаслик учун профилактик чора-тадбирларни кучайтириш барчадан бирдек масъулият талаб этади.

Ис гази табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида пайдо бўлиши мумкин. Ис гази шу жиҳати билан хавфлики, у рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, нафас йўллари орқали қонга сўрилганда организмни, хусусан марказий асаб тизимини жиддий зарарлайди.

Минг таассуфки, туманимизнинг “Ҳуррият” маҳалласи, “Шодлик” кўчаси, 6-уйда яшовчи фуқаролар, яъни 1988 йилда туғилган Дилдора Полванова ҳамда 2011 йилда туғилган Чаросхон Бектурдиевалар ис газидан заҳарланиб вафот қилишди.

Ҳозирги кунда туман фавқулодда вазиятлар бўлими, туман электр тармоқлари корхонаси, туман газ таъминоти бўлими ва ёнғинга қарши курашиш жамияти ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган. Ишчи гуруҳ ходимлари томонидан янги қурилишлар, реконструкция қилинаётган объектлардаги вақтинчалик дам олиш хоналари, аҳоли турар жойларидаги иситиш мосламаларининг хавфсизлик ҳолати ҳамда газ, электр мосламаларидан тўғри фойдаланиш юзасидан кенг қамровли текшириш ва тарғибот тадбирлари олиб борилаётир.

Азиз фуқаролар! Сизлардан юқоридаги каби нохуш ҳолат келгусида яна бир бор содир бўлмаслиги учун доимо ҳушёр ва эътиборли бўлишни сўраймиз!

Дилмурод НУРМЕТОВ,

туман ФВБ Норматив-техник бўлинмаси бошлиғи.

Be the first to comment on "ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*