АЖДОДЛАРИМИЗ ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНИШГАН

Қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида юқори ҳосилдорликка эришиш учун, аввало, ерга яхши ишлов бериш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш талаб этилади. Экиладиган ҳар бир ўсимлик муайян агротехник босқичлардан ўтгач яхши ҳосил бериши мумкин. Бундан ташқари, ўсимликларни касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва мўл ҳосил олиб бўлмайди. Бу масала, айниқса, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Соҳа мутахассислари фикрича, бугунги кунда мамлакатимиз экин майдонларида зарарли касаллик турларининг салмоғи ортиб бормоқда. Зараркунандалар ҳамда бегона ўтлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи унсурлардир. Бугунги кунда ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда осон ва тезкор усул сифатида кимёвий усул қўлланилмоқда. Аммо, бу усулни экологик ва иқтисодий нуқтаи назардан афзал деб бўлмайди.  Кимёвий усулдан фақат охирги чора сифатида фойдаланиш мумкин.

Аждодларимиз ўсимлик зараркунандаларига қарши кузатувлари ва йиллар давомида орттирган тажриба ҳамда имкониятдан  келиб чиқиб, маҳаллий хомашёдан кенг фойдаланганлар. Масалан, дарахтнинг пастки қисмини оҳак эритмаси билан оқлаш азалдан мавжуд. Сабаби, дарахт пўстлоғи остидаги зараркунандаларнинг тухуми оҳак таркибидаги ишқор таъсирида нобуд бўлади. Эрта баҳорда қилинган бу усул яхши самара беради, дарахт мевасининг сифати ва ҳосилдорлигининг ошишига ижобий таъсир кўрсатади, атрофга ўзгача чирой бағишлайди. Юртимизнинг кўп ҳудудлари, айниқса, қишлоқ жойларда боғдорчилик билан шуғулланадиган кекса, тажрибали деҳқонлар томорқаларидаги экин, дарахт баргига ширача тушганда эрталабки шабнамда оддий кул сепишади. Кул таркибидаги ўюв­чи модда таъсирида шира битлари ўз фаоллигини йўқотади, яъни ўлади. Қишлоқ хўжалигида бегона ўт ва зараркунандаларга қарши курашишда кўп ҳолатда таркибида кимёвий заҳарли моддалар бўлган турли пестицидлардан фойдаланилади. Пестицидлар, биринчидан, инсон организми ва атроф-муҳит учун зарарли саналади. Улар билан ишлаганда, албатта, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш шарт. Чунки, улар таркибидаги кимёвий моддалар нафас йўлини заҳарлаб, бутун организмга таъсир кўрсатиши мумкин. Иккинчидан, кимёвий препаратлар зараркунандаларнинг табиий душмани, яъни фойдали ҳашаротларни ҳам қириб ташлайди. Шу сабабли препаратлардан сўнгги чора сифатида фойдаланиш мумкин, акс ҳолда у ҳам ўсимликка, ҳам фойдали ҳашаротларга салбий таъсир кўрсатади.

Ғ.ОТАБОЕВ,

Б.ОТАМУРОДОВ,

Қ.ҚУРЁЗОВ,

вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси инспекторлари.

Be the first to comment on "АЖДОДЛАРИМИЗ ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁДАН КЕНГ ФОЙДАЛАНИШГАН"

Leave a comment

Your email address will not be published.


*